“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясида Наврўз байрами нишонланди

Жорий йилнинг 28 февраль куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида барча муассаса ва ташкилотларда бўлгани каби “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси тизимидаги корхоналарда ҳам Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган турли кўнгилочар тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.

Мазкур режага мувофиқ, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясида Наврўз байрамига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унда холдинг компания ва унинг таркибидаги акциядорлик жамиятларида фаолият олиб бораётган ходимлар иштирок этди. Шунингдек, байрамга соҳада бир неча йиллар фаолият олиб борган ва ҳозирда кексалик гаштини сураётган ёши улуғларлар ҳам таклиф этилди.Байрамона безатилган байрам дастурхонига баҳорий таомлар, жумладан, кўкламнинг шоҳ таоми— сумалак, кўк сомса, чучвара, варақа ва албатта, ош тортилди.

Тадбирда сўз олганлар минг йилликлар оша нишонланиб келинаётган Наврўз байрамининг моҳияти, ҳаётимизда тутган ўрни, айниқса, мустақилликдан сўнг, миллий байрам сифатида қайта кўз очгани, қадр топгани  хусусида тўхталиб ўтишди. Тадбирнинг бадиий қисмида эл ардоғидаги санъаткорларнинг дилтортар қўшиқлари ва шўх рақслар даврага ўзгача файз ва кўтаринкилик олиб кирди.

Бундай байрам тадбирлари холдинг компания тизимидаги барча меҳнат жамоаларида ўтказилмоқда.